Ўзбекистонда оммавий тадбирларга фуқароларни бепул озиқ-овқат, буюм ва бошқа товарларни тарқатиш ёки уларни реклама мақсадида ҳаддан ташқари арзон нархларда сотиш орқали жалб қилиш тақиқланиши мумкин. Бу Ички ишлар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасида назарда тутилган.
Ҳужжатга кўра, оммавий тадбир ўтказиладиган ҳудудда ва ундан 500 метрдан кам масофада алкоголь маҳсулотлари савдосини тадбир бошланишидан камида икки соат олдин тўхтатиш ҳамда тадбир давомида савдони амалга оширмаслик таклиф этилмоқда. Олдиндан режалаштирилган тадбирлар бундан мустасно.
Шунингдек, стационар ўриндиқлари бўлмаган очиқ майдонларда ўтказиладиган тадбирлар иштирокчилари сони ҳам чекланиши мумкин. Умумий қоидага кўра, бундай ҳудудларда фойдали майдоннинг ҳар бир квадрат метрига биттадан ортиқ одам тўғри келмаслиги керак. Қўшимча хавф омиллари мавжуд бўлса, иштирокчиларнинг рухсат этилган сони янада камайтирилиши мумкин.
Лойиҳада оммавий тадбир иштирокчиларига маст ҳолатда бўлиш, ҳайвонлар билан келиш, шахсини аниқлаш имконини бермайдиган тарзда юзини ёпиш, саҳна ёки спорт майдонига ўзбошимчалик билан чиқиш ҳам тақиқланиши белгиланган. Айрим ҳолатлар учун истиснолар назарда тутилган.
Белгиланган қоидаларни бузган шахсларга нисбатан оммавий тадбирларга киришни вақтинча чеклаш чораси қўлланилиши мумкин. Бундай шахсларнинг электрон ҳисобини ички ишлар органлари юритади.
Қарор лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилган. Муҳокама 20 ноябрга қадар давом этади.
Изоҳ