Ўзбекистонда концерт, спорт мусобақалари ва бошқа оммавий тадбирларда жамоат хавфсизлигини таъминлаш учун учувчисиз учиш аппаратларидан фойдаланиш таклиф этилмоқда. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги томонидан тайёрланган Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасида назарда тутилган.
Ҳужжатга мувофиқ, дронлар орқали фуқаролар оқимини узлуксиз кузатиш ва тартибга солиш, шунингдек, тадбир иштирокчилари сонини ҳисоблаш режалаштирилган.
Бундан ташқари, учувчисиз аппаратлар одамлар гавжум тўпланган жойларда юзага келиши мумкин бўлган хавфларни аниқлаш, фуқаролар оқимини хавфсиз йўналтириш ва тарқатиш, хавф ёки унинг эҳтимоли ҳақида ўз вақтида огоҳлантириш учун ҳам қўлланилиши мумкин.
Лойиҳада дронлардан ички ишлар органлари ва Миллий гвардия ходимлари фойдаланиши белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, ҳужжатда оммавий тадбирларни ўтказиш тартиби ҳамда улар ташкил этиладиган объектларда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича ягона талаблар ҳам назарда тутилган.
Қарор лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилган бўлиб, муҳокама 20 ноябрга қадар давом этади.
Изоҳ