• БҲМ
    440 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 360 000 сўм
Uz
  • БҲМ
    440 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 360 000 сўм
Жамият Бугун, 11:17

Ўзбекистонда экстремизм билан боғлиқ жиноятлар учун жазо чоралари қайта кўриб чиқилди

Янги қонун билан экстремистик ташкилотларни тузиш ва уларнинг фаолиятида иштирок этиш учун жавобгарлик чоралари фарқланди. Шунингдек, тақиқланган материалларни тайёрлаш ва сақлаш билан боғлиқ айрим ҳуқуқбузарликлар биринчи марта содир этилганда жиноий жазо ўрнига жарима ёки маъмурий қамоқ жазоси қўлланилиши белгиланди.

55
0
uznews.uz

Президент айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонунни имзолади. Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида назарда тутилган бир қатор жиноят ва ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик чоралари табақалаштирилмоқда.

Хусусан, энди экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар фаолиятида иштирок этганлик учун 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланди.

Аввал бундай ҳаракатлар учун (худди шундай ташкилотларни тузиш каби) 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган эди. Шу тариқа, ижтимоий хавфлилик даражаси нисбатан камроқ бўлган ҳаракат — бундай ташкилотларда иштирок этиш учун уларни тузиш ёки бошқаришга нисбатан енгилроқ жазо чоралари белгиланди.

Бундан ташқари, қуйидаги қилмишлар биринчи марта содир этилганда маъмурий жавобгарлик белгиланади:

— экстремизм, сепаратизм ёки диний ақидапарастлик ғояларини ўз ичига олган, оммавий қотиллик ёки фуқароларни зўравонлик билан кўчиришга даъват этувчи ёхуд аҳоли ўртасида ваҳима тарқатишга қаратилган материалларни тарқатиш мақсадида тайёрлаш ёки сақлаш;

— экстремистик ва террорчилик ташкилотларининг атрибутикаси ёки рамзларини тарқатиш ёхуд намойиш этиш мақсадида тайёрлаш ёки сақлаш.

Бундай қилмишлар учун фуқароларга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 50 бараваридан 100 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 100 бараваридан 150 бараваригача жарима қўллаш, ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиш ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ жазоси белгиланади.

Жиноий жавобгарлик эса бундай қилмишлар маъмурий жазо қўлланилганидан кейин такроран содир этилган тақдирдагина юзага келади.

55
0

Изоҳ