Президент Шавкат Мирзиёев шаҳардаги Конгресс-холл мажмуаси ва меҳмонхоналар қурилишини кўздан кечирди.
60 миллион долларлик Конгресс-холл лойиҳаси доирасида 14,5 минг квадрат метр майдонли бино барпо этилмоқда. Унда халқаро форумлар, олий даражадаги учрашувлар ва бошқа йирик анжуманлар ўтказилиши режалаштирилган. Айни пайтда асосий бетонлаш ишлари якунланган, ташқи муҳандислик тармоқлари, фасад ва том қисмларини қуриш давом этмоқда.
Шу ҳудудда 37 миллион долларлик «Hilton Garden Inn» меҳмонхонаси ҳам қурилмоқда. Етти қаватли ва 212 хонали объектда асосий конструкциялар битказилган. Ҳозир ички деворлар, муҳандислик тармоқлари ва фасад ишлари олиб борилмоқда.
Бундан ташқари, 39,6 миллион долларлик «Holiday Inn» меҳмонхонаси ҳам барпо этилмоқда. Етти қаватли, 212 хонали меҳмонхона ёнида икки қаватли бизнес маркази ҳам қуриляпти.
Давлат раҳбари қурилиш ишларини белгиланган муддатларда ва сифат талабларига мувофиқ якунлаш бўйича топшириқлар берди. Таъкидланишича, ушбу лойиҳалар Бухоронинг халқаро тадбирларга мезбонлик қилиш имкониятларини кенгайтириш, туризм хизматларини ривожлантириш ва аҳоли даромадларини оширишга хизмат қилади.
Изоҳ