1 ноябрь куни АҚШнинг Флорида штати Палм-Бич округида Learjet 60 русумли хусусий самолёт ҳалокатга учради. Ҳаво кемаси бортида бўлган тўққиз кишининг барчаси ҳалок бўлган. Бу ҳақда АҚШ транспорт вазири Шон Даффи маълум қилди.
Маълум қилинишича, самолёт Техас штатининг Остин шаҳридаги халқаро аэропортдан учиб чиқиб, Багама оролларидаги Норт-Элетера аэропортига йўл олган. Бироқ у маҳаллий вақт билан соат 12:50 да аҳоли яшаш ҳудуди яқинида ерга қулаган ва портлаб кетган.
Ҳаво ҳаракатини бошқариш хизмати билан бўлган мулоқот ёзувларига кўра, ҳалокатдан олдин учувчилар кучли турбулентлик, ёғингарчилик ва самолёт қанотларида муз қатлами ҳосил бўлаётганини билдирган. Шундан сўнг самолёт кескин пастлай бошлаган ва учувчилар фавқулодда ҳолат эълон қилган.
Флорида губернатори Рон Десантиснинг маълум қилишича, дастлабки маълумотларга кўра, ерда бўлган аҳоли орасида жабрланганлар ёки ҳалок бўлганлар қайд этилмаган.
Ҳодиса сабабли яқин атрофдаги мобил уйлар жойлашган ҳудуддан 600 нафарга яқин аҳоли эвакуация қилинган. Улар вақтинча хавфсиз жойларга жойлаштирилган.
Айни вақтда АҚШ Федерал авиация бошқармаси ва Миллий транспорт хавфсизлиги кенгаши самолёт ҳалокати сабабларини ўрганмоқда.
Изоҳ