Октябрь ойидан бошлаб Ўзбекистондан 40 нафар қишлоқ хўжалиги мутахассиси илк бор Италияда мавсумий иш фаолиятини бошлади. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди.
Лойиҳа иштирокчилари икки ой давомида итальян тилини ўрганган. Тренинглардан сўнг улар Италиянинг мева-сабзавотларни қайта ишлаш соҳасида фаолият юритувчи SALVI компаниясига ишга жалб қилинган.
Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов ва Ўзбекистоннинг Италиядаги элчиси Абат Файзуллаев Эмилия-Романья минтақасига ташриф буюриб, ишчилар учун яратилган шароитлар билан танишди.
Маълум қилинишича, ватандошлар юқори иш ҳақи билан бирга иш берувчи ҳисобидан ётоқхона ва транспорт билан ҳам таъминланган.
Қайд этилишича, мазкур лойиҳа Италиянинг қишлоқ хўжалиги ҳамда мева-сабзавотларни қайта ишлаш технологиялари соҳасидаги илғор тажрибасини ўрганиш ва Ўзбекистонда қўллашга ҳам қаратилган.
Компания раҳбарияти билан учрашувда Италия томони келгусида қишлоқ хўжалиги соҳасига яна 1 минг нафар ишчини жалб қилиш режаси борлигини маълум қилган.
Лойиҳа якунлари бўйича Италияга ишлаш учун борадиган Ўзбекистон фуқаролари сонини уюшган ҳолда ва босқичма-босқич ошириш режалаштирилган.
Изоҳ