Тошкент шаҳар ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси, пойтахт Транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бош бошқармаси ҳамда «Тошшаҳартрансхизмат» АЖга 15 декабрга қадар автобусларнинг олд қисмига мобил видеокамералар ўрнатиш амалиётини жорий этиш топширилди. Тегишли қарор халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши томонидан қабул қилинди.
Камералар автобуслар ҳаракатланиши вақтида йўл ҳаракати қоидабузарликларини автоматик тарзда қайд этиб боради. Уларни Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг ягона базаси билан интеграция қилиш режалаштирилган.
Бундан ташқари, 1 ноябрдан масъул идораларга жамоат транспорти учун мўлжалланган «А» махсус йўлакларида енгил ва шахсий автомобилларнинг ноқонуний ҳаракатланиши ҳамда тўхтаб туришининг олдини олиш бўйича доимий рейдларни кучайтириш топширилди.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафтада Тошкентнинг Лутфий кўчасида автобус йўлакларига чиқиб кетаётган ҳайдовчиларни назорат қилиш мақсадида камералар ўрнатилган эди. Автобус ва велосипед йўлакларига ноқонуний чиқиш, шунингдек, уларда тўхташ ва тўхтаб туриш учун ҳайдовчилар камера ёзувлари асосида жаримага тортилмоқда.
Шунга ўхшаш камералар Фарғона йўли кўчасининг иккала йўналиши бўйлаб 6 км узунликдаги қисмига ҳам ўрнатилган эди.
Изоҳ