Google’нинг ривожланаётган бозорлар бўйича давлат органлари билан алоқалар ва давлат сиёсати вице-президенти Дорон Авни LinkedIn’даги постида Ўзбекистон жорий йил бошида шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш борасидаги ёндашувини янгилаганини таъкидлади.
Унинг қайд этишича, маълумотларни қатъий локализация қилиш ўрнига мослашувчан ва мувозанатли ёндашувнинг танланиши глобал технологиялар учун янги имкониятлар яратган. Бу ўзгаришларнинг амалий натижаси сифатида Google Pay’нинг Ўзбекистонда ишга туширилишини келтирди.
«Ҳукуматлар олдиндан тушунарли ва глобал тизимлар билан ўзаро ишлай оладиган қоидаларни яратса, глобал технологиялар ҳам тез кириб келади», — деб ёзди Дорон Авни.
Вице-президент Google Pay’нинг ишга туширилиши АҚШ давлат котиби Марко Рубионинг Ўзбекистонга ташрифи ва Самарқандда ўтказилган C5+1 вазирлар саммити давомида эълон қилинганига ҳам эътибор қаратди. У буни Ўзбекистон ва АҚШнинг рақамли модернизацияни жадаллаштириш борасидаги умумий интилишининг ифодаси сифатида баҳолади.
Аввалроқ, жорий йил сентябрь ойида Саида Мирзиёева Нью-Йоркда Google вице-президенти Каран Бхатия билан учрашиб, технологик ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилган эди.
Ўшанда Президент Администрацияси раҳбари шахсга доир маълумотларни қайта ишлаш ва рақамли тўловлар соҳасидаги қонунчилик такомиллаштирилганини, бу халқаро тўлов тизимларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, 27 октябрь куни Ўзбекистонда Google Pay ва Apple Pay тўлов тизимлари тўлақонли ишга туширилгани эълон қилинган эди.
Изоҳ