Ўзбекистон ландшафтларининг иқлим ўзгаришига чидамлилигини ошириш учун 103,7 млн евро олади. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Маблағлар умумий қиймати 264,4 млн евро бўлган «Марказий Осиёда иқлим ўзгаришига чидамли ландшафтлар» (CLiCA) минтақавий дастури доирасида ажратилади. Дастур Яшил иқлим жамғармаси кенгаши томонидан маъқулланган.
Дастур Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) томонидан Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган. Ўзбекистон томонидан дастурни ишлаб чиқиш жараёнини Иқлим ўзгариши миллий маркази мувофиқлаштирган.
Маблағлар ўрмонлар ва яйловларни тиклаш, қишлоқ хўжалигида иқлим ўзгаришига чидамли технологияларни жорий этиш, шунингдек, фермерларнинг иқлим ўзгариши оқибатларига мослашиш учун зарур молиявий воситалардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга йўналтирилади.
Ўзбекистонда дастур доирасида қуйидаги натижаларга эришиш режалаштирилган:
- 342 минг нафар аҳолининг иқлим хавфларига чидамлилигини ошириш. Уларнинг қарийб ярмини аёллар ташкил этади;
- 164 минг гектар ўрмон, яйлов ва қишлоқ хўжалиги ерларида иқлим ўзгаришига чидамли бошқарув усулларини жорий этиш;
- иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтириш ва уларнинг сўрилишини ошириш орқали 1,07 млн тонна CO₂ эквиваленти миқдоридаги натижага эришиш.
CLiCA дастурини амалга ошириш Марказий Осиё давлатларининг умумий экологик ва иқлим муаммоларини ҳал этиш борасидаги саъй-ҳаракатларини бирлаштиришга хизмат қилади. Бунда табиий экотизимларни сақлаш, ер ресурсларидан барқарор фойдаланиш ва иқлим ўзгариши оқибатларига энг заиф бўлган маҳаллий аҳоли қатламларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилади.
Дастур Ўзбекистоннинг иқлим соҳасидаги устувор вазифаларини амалга оширишга, жумладан, деградацияга учраган ерларни тиклаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва иқлим ўзгаришига чидамли қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга қўшимча ҳисса қўшади.
Изоҳ