Президент Шавкат Мирзиёев вояга етмаганларни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилганлик учун жавобгарликни кучайтиришни назарда тутувчи қонунни имзолади. Бу ҳақда Президент расмий веб-сайтида хабар берилди.
Қонунга киритилган ўзгартиришларга кўра, вояга етмаганларни спиртли ичимликлар ёки ақлий-иродавий фаолиятга таъсир этувчи восита ва моддаларни истеъмол қилишга жалб этганлик учун, шундай қилмиш учун аввал маъмурий жазо қўлланилганидан кейин, жарима миқдори 100–200 баравардан 150–250 бараваргача оширилди.
Бу 66 миллион сўмдан 110 миллион сўмгача жарима дегани. Шунингдек, 360 соатдан 400 соатгача мажбурий жамоат ишлари, уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланди. Аввал озодликдан маҳрум қилишнинг энг юқори муддати уч йилни ташкил этган.
Вояга етмаган шахсни гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёки уларнинг аналоглари, шунингдек, кучли таъсир қилувчи моддаларнинг алоҳида тоифасини истеъмол қилишга жалб этганлик учун озодликдан маҳрум қилиш жазоси уч-беш йилдан беш-етти йилгача оширилди.
Агар жиноят такроран, икки ёки ундан ортиқ вояга етмаган шахсга нисбатан ёки таълим муассасаси ҳудудида содир этилса, шунингдек, инсон ўлими ёки бошқа оғир оқибатларга олиб келса, етти йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилади. Аввал бундай ҳолатлар учун беш йилдан ўн йилгача қамоқ жазоси назарда тутилган эди.
Изоҳ