15 октябрь куни Бангкокда ОТБ президенти Масато Канда ва Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров тегишли кредит битимини имзолади.
Дастур электр тармоқларини янгилаш, уларни бошқаришда рақамли тизимларни жорий этиш ҳамда «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖнинг ишлаш имкониятларини мустаҳкамлашни назарда тутади. Бу электр энергияси йўқотишлари ва трансформаторларга ортиқча юкламани камайтириш, шунингдек, таъминот ишончлилигини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Лойиҳа натижасида камида 3,3 гигаватт қайта тикланувчи энергия қувватларини тармоққа улаш имконияти яратилиши ва иссиқхона газлари чиқиндилари йилига қарийб 23 минг тонна карбонат ангидрид эквивалентига камайиши кутилмоқда.
Мазкур дастур Осиё тараққиёт банкининг Жаҳон банки билан ўзаро ишончнинг тўлиқ механизми доирасидаги биринчи энергетика лойиҳаси ҳамда Ўзбекистон энергетика секторида натижаларга асосланган кредитлаш механизми бўйича илк дастур ҳисобланади. Дастурда етакчи кредитор ОТБ бўлади. Жаҳон банки раҳбарияти шу ой охирида қўшимча 100 млн доллар ажратиш масаласини директорлар кенгаши тасдиғига киритиши кутилмоқда.
ОТБ 2010 йилдан буён Ўзбекистон энергетика секторига 3,4 млрд доллардан ортиқ молиявий маблағ ва кафолатлар ажратган.
Изоҳ