Сентябрь ойида ANORBANK муассиси ва акциядори Қаҳрамонжон Олимов жамоатчилик эътиборига тушди. 18 сентябрь куни The Insider нашри тадбиркор 2025 йилда Францияда ўзининг ўғирлаб кетилишини саҳналаштирган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар берди. Журналистлар маълумотига кўра, Ўзбекистонда Олимовга нисбатан жиноят иши қўзғатилган ва у сиртдан ҳибсга олинган. Бироқ нашрда ушбу айбловларнинг расмий тасдиғи келтирилмаган.
24 сентябрь куни Интерпол сайтида Қаҳрамонжон Олимовни қидириш бўйича «қизил билдиришнома» пайдо бўлди. Унда қидирув сабаблари ва унга қўйилган айбловлар ҳақида маълумот кўрсатилмаган.
Бироқ 15 октябрга келиб, ушбу билдиришнома Интерполнинг очиқ маълумотлар базасидан йўқолди.
Ушбу воқеалар фонида ANORBANK 2026 йилнинг тўққиз ойи бўйича молиявий кўрсаткичларини тақдим этди. Банк маълумотларига кўра, унинг активлари 18,74 трлн сўмдан 20,32 трлн сўмга ошган. Кредит портфели 13,08 трлн сўмни, мижозлар депозитлари ҳажми 15,23 трлн сўмни, ўз капитали эса 1,51 трлн сўмни ташкил этган.
Бундан ташқари, 5 октябрь куни ANORBANK акциядорлари инвестициялар жалб қилиш мақсадида 100 млрд сўмлик қўшимча акциялар чиқаришни маъқуллади. Ҳозирда банк уларни жойлаштириш учун зарур тартиб-таомиллардан ўтмоқда.
Шунингдек, банк рақамли хизматларни ривожлантириш давом этаётганини маълум қилди. Улар қаторига AnorEx орқали валюта операциялари, Astrasend орқали халқаро пул ўтказмалари, банк карталарини расмийлаштириш ва омонатлар очиш, жумладан, ўқитувчилар учун янги Murabbiy омонати киради.
Изоҳ