• 12 012 сўм
    48.49
  • 13 463 сўм
    72.3
  • 143 сўм
    0.84
  • БҲМ
    440 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 360 000 сўм
Uz
  • 12 012 сўм
    48.49
  • 13 463 сўм
    72.3
  • 143 сўм
    0.84
  • БҲМ
    440 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 360 000 сўм
Жамият Кеча, 19:53

Мирзиёев Осиёда ишончни мустаҳкамлаш бўйича қатор ташаббусларни илгари сурди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Бокуда бўлиб ўтган Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг (ОҲИЧК) еттинчи саммитида Осиёда ишонч инфратузилмасини шакллантириш концепциясини ишлаб чиқиш, сунъий интеллектдан масъулиятли фойдаланиш ва иқлим барқарорлиги бўйича ҳамкорликни йўлга қўйишни таклиф қилди.

59
0
prezident.uz

Президент матбуот хизмати хабар беришича, давлат раҳбари ўз нутқида дунёда юз бераётган чуқур ўзгаришлар халқаро ҳамкорликни кучайтириш ва биргаликда ечимлар ишлаб чиқишни тақозо этаётганини таъкидлади.

«Осиёнинг турли ҳудудларида давом этаётган қуролли можаролар алоҳида ташвиш уйғотмоқда. Уларнинг оқибатлари қарама-қаршилик зоналаридан анча узоққа тарқалиб, бутун минтақалар хавфсизлигига таъсир кўрсатмоқда, глобал иқтисодиётга зарар етказмоқда ва миллионлаб инсонлар ҳаётида акс этмоқда», — деди Шавкат Мирзиёев.

У можаролар ва келишмовчиликларнинг янада авж олишига йўл қўймаслик, уларни фақат тинч йўл билан, сиёсий ва дипломатик воситалар орқали, халқаро ҳуқуқ ҳамда барча томонлар манфаатларини ҳурмат қилиш асосида ҳал этишга чақирди.

Шу муносабат билан президент Осиёда ишонч инфратузилмасини шакллантириш концепциясини ишлаб чиқишни таклиф қилди. Унда давлатлар ўртасидаги ўзаро боғлиқликни ривожлантириш ва ҳамкорликни кенгайтиришнинг асосий йўналишлари ҳамда аниқ чоралари белгиланиши кўзда тутилган.

Шунингдек, сунъий интеллектдан масъулиятли фойдаланиш бўйича Осиё ташаббусини илгари суриш ва ОҲИЧК доирасида экспертлар майдончасини ташкил этиш таклиф қилинди. Унда мутахассислар умумий тавсиялар ишлаб чиқиши ва амалий чораларни мувофиқлаштириши мумкин.

Иқлим ўзгаришига мослашиш борасида давлатлар саъй-ҳаракатларини бирлаштириш мақсадида иқлим барқарорлиги соҳасида ҳамкорлик шериклигини ташкил этиш ташаббуси ҳам илгари сурилди.

ОҲИЧК фаолиятининг инсонпарварлик йўналиши бўйича Ўзбекистон координатор эканини ҳисобга олган ҳолда, келгуси йили Инсон салоҳиятини ривожлантириш форумини ўтказишга тайёрлик билдирилди. Шунингдек, ташкилотнинг 2028 йилгача бўлган Ҳаракатлар дастурини ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди.

Қўшилмаслик ҳаракатига раисликнинг Ўзбекистонга ўтиши муносабати билан ташкилотнинг келгуси йили Тошкентда ўтказилиши режалаштирилган 20-саммитида иштирок этиш учун таклиф билдирилди.

Шавкат Мирзиёев ОҲИЧКнинг ташкилий асосларини янада мустаҳкамлашни қўллаб-қувватлади, Озарбайжон вакилини ташкилот бош котиби лавозимига номзод сифатида қўллаб-қувватлашини билдирди ҳамда Озарбайжоннинг кенгашга раисликни давом эттириш ниятини олқишлади.

59
0

Изоҳ