Ўзбекистон Фанлар академияси Зоология институти олимлари хорижлик тадқиқотчилар билан ҳамкорликда мамлакат фаунаси учун янги бўлган кўршапалак турини аниқлади. Бу ҳақда Фанлар академияси матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Plecotus turkmenicus илмий номи билан маълум бўлган туркман тунги кўршапалаги Марказий Осиёда тарқалган, жуда камёб ва кам ўрганилган сутэмизувчи ҳайвон ҳисобланади.
Ушбу тур ҳақидаги аввалги маълумотлар 1970 йилгача бўлган кузатувлар ва музей намуналари билан чекланган. Сўнгги 55 йил давомида эса у ёввойи табиатда деярли учратилмаган.
Тадқиқот «Табиатни муҳофаза қилишда ягона саломатлик» (One Health in Nature Conservation) лойиҳаси доирасида ташкил этилган экспедиция давомида ўтказилди.
Лойиҳа Табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқи (IUCN) томонидан Германия Атроф-муҳит вазирлигининг Халқаро иқлим ташаббуси (IKI) молиявий кўмагида амалга оширилмоқда.
Изоҳ