Маҳаллий ҳокимият маълумотларига кўра, қутқарувчилар дарё бўйида бўлган 95 кишини, жумладан, тўққиз нафар хорижликни қутқарган. Ҳозирча ҳалок бўлганлар ҳақида маълумот йўқ.
Непалнинг Фалокатлар хавфини камайтириш ва бошқариш бошқармаси маълум қилишича, тошқин 200 дан ортиқ уйга зарар етказган ва 650 нафардан зиёд аҳолига таъсир кўрсатган. Айрим аҳоли пунктлари ташқи дунёдан узилиб қолган ва уларга фақат ҳаво орқали етиб бориш мумкин.
Непал армияси қидирув-қутқарув ишлари учун тўртта вертолёт сафарбар этган. Тошқин тахминан ўнлаб уйлар ва бир нечта осма кўприкларни оқизиб кетган, гидроэнергетика лойиҳасига тегишли қурилиш ускуналари ҳам сув оқимида йўқолган.
Маҳаллий аҳоли вакилларининг айтишича, эрталаб тошқин ҳақида огоҳлантириш олган одамлар уйларини тарк этиб, яқин атрофдаги ўрмонга қочишга мажбур бўлган. Улар сув сатҳи кескин кўтарилгани сабабли уйларига қайтишдан қўрқаётганини билдирган.
Расмийлар маълумотига кўра, айрим жойларда дарё сувининг сатҳи бир неча соат ичида 2 метрдан қарийб 8,5 метргача кўтарилган. Тошқиннинг аниқ сабаби ҳозирча маълум эмас. Тахминларга кўра, кўчки дарё ёки унинг ирмоғини вақтинча тўсиб қўйган ва тўпланган сув кейинчалик кучли оқим билан ёриб чиққан бўлиши мумкин. Бошқа маълумотларга кўра, юқори оқимда муз кўчиши содир бўлган бўлиши эҳтимоли ҳам бор.
Непал ҳозирда табиий офатлар хавфи юқори бўлган ҳудудларда вазиятни кузатишда давом этмоқда. Мамлакат икки ой аввал Тибет билан чегарадош ҳудудларда юз берган ҳалокатли тошқинлар оқибатларини ҳам бартараф этишга уринмоқда.
Изоҳ