Элчихона маълум қилишича, минтақадаги кескинлик ва ҳаво қатновларида даврий равишда юзага келаётган ўзгаришлар сабабли фуқаролар хорижий давлатларга сафарни режалаштиришда авиарейслар жадвали, парвоз йўналишлари ва транзит қоидаларидаги эҳтимолий ўзгаришларни инобатга олиши лозим. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Саудия Арабистонида ички вазият барқарорлигича қолмоқда. Мамлакатда жамоат хавфсизлигига таҳдидлар ёки махсус чеклов чоралари қайд этилмаган.
Шу билан бирга, парвозлар логистикаси, транзит йўналишлари ва кутиш вақтларидаги ўзгаришлар сафар давомийлигига таъсир қилиши мумкин. Жумладан, рейслар кечикиши, йўловчиларнинг бошқа рейсга ўтказилиши ёки парвоз йўналиши ўзгариши эҳтимоли бор.
Элчихона фуқароларга Саудия Арабистони ва Яман ўртасидаги чегара ҳудудларига яқинлашмаслик, маҳаллий ҳокимият органларининг хавфсизлик бўйича кўрсатмаларига амал қилиш, ҳарбий объектлар ва турли ҳодисалар оқибатларини тасвирга олмасликни тавсия қилди.
Шунингдек, текширилмаган маълумотларни тарқатмаслик, расмий ахборот манбаларидан фойдаланиш ва шахсни тасдиқловчи ҳужжатларни доимо ёнида олиб юриш сўралди.
Зарур ҳолларда Ўзбекистон фуқаролари Ар-Риёддаги элчихонага +966 11 263 52 23 ёки +966 56 721 77 31 рақамлари орқали, Жиддадаги Бош консулхонага эса +966 12 607 72 50 ёки +966 59 439 08 50 рақамлари орқали мурожаат қилиши мумкин. Кўрсатилган мобил рақамлар орқали Telegram ва WhatsApp мессенжерларида ҳам боғланиш мумкин.
Изоҳ