30 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Халқаро футбол ассоциациялари федерацияси (ФИФА) президенти Жанни Инфантинони қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Учрашув аввалида Жанни Инфантино Ўзбекистон футболида эришилаётган натижалар ҳамда мамлакатда спортни қўллаб-қувватлашга қаратилган ислоҳотларни юқори баҳолади.
Музокараларнинг асосий мавзуси Ўзбекистон ва Озарбайжонда 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Жаҳон чемпионатини ўтказиш масаласи бўлди.
Томонлар, шунингдек, футболни, айниқса ёшлар ўртасида оммалаштиришга қаратилган қўшма дастурларни амалга оширишдаги ҳамкорликни давом эттириш масалаларини муҳокама қилди.
Футболни бошқариш ва ташкил этиш тизимини трансформация қилиш, ёш истеъдодларни кашф этиш, халқаро даражада мураббийлар, ҳакамлар, менежерлар, спорт шифокорлари ва техник мутахассисларни тайёрлаш бўйича ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, Ўзбекистонда ФИФАнинг йирик мусобақа ва тадбирларини ўтказиш ҳамда федерациянинг Тошкентдаги минтақавий офисини очиш жараёнини тезлаштириш масалалари кўриб чиқилди.
Изоҳ