Самолётни топшириш маросими 25 сентябрь куни Бразилиянинг Гавиан-Пейшоту шаҳридаги Embraer корхонасида ўтказилди. Унда Ўзбекистон Ҳаво кучлари қўмондони генерал-майор Аҳмад Бурхонов ҳамда «Ўзтекстред» давлат муассасаси директори Олимхон Рустамов иштирок этди.
Embraer маълум қилишича, 2024 йил охирида имзоланган шартнома самолётдан ташқари, экипажни тайёрлаш, техник қўллаб-қувватлаш ва эҳтиёт қисмлар етказиб беришни ҳам ўз ичига олади.
C-390 Millennium 26 тоннагача юк ташиши ва 470 узел тезликда парвоз қилиши мумкин. Самолёт ҳарбийлар ва юкларни ташиш, техника ҳамда шахсий таркибни парашют орқали тушириш, тиббий эвакуация, қидирув-қутқарув, ёнғинларни ўчириш ва гуманитар операцияларда қўлланиши мумкин. У вақтинчалик ёки асфальтланмаган учиш-қўниш йўлакларидан ҳам фойдалана олади.
Самолётга ҳаво орқали ёқилғи қуйиш ускунаси ўрнатилганда, у ёқилғи ташувчи самолёт сифатида ҳам, бошқа ҳаво кемаларига ёқилғи қабул қилувчи самолёт сифатида ҳам ишлаши мумкин.
Embraer маълумотига кўра, C-390 Millennium самолётлари Бразилия, Португалия, Венгрия, Жанубий Корея, Нидерландия, Австрия, Чехия, Швеция, БАА, Словакия, Колумбия ва Литва ҳаво кучлари томонидан ҳам танланган.
Изоҳ