• 11 825 сўм
    -5.47
  • 13 483 сўм
    32.8
  • 140 сўм
    1.07
  • БҲМ
    440 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 360 000 сўм
Uz
  • 11 825 сўм
    -5.47
  • 13 483 сўм
    32.8
  • 140 сўм
    1.07
  • БҲМ
    440 000 сўм
  • МҲТЭКМ
    1 360 000 сўм
Жамият Бугун, 14:08

Жиззахда янги тош даври маконлари ва петроглифлар аниқланди

Жиззах вилоятининг Зомин ва Шароф Рашидов туманларида олиб борилган археологик дала-қидирув ишлари давомида тош даврига оид янги археологик объектлар ҳамда 30 га яқин петроглиф аниқланди.

89
0
uznews.uz

Жорий йил сентябрь ойида Маданий мерос агентлиги ҳамда Я. Ғуломов номидаги Самарқанд археология институти ходимлари томонидан ҳудудда тадқиқотлар ўтказилди. Изланишлар натижасида Зомин туманидаги бир қатор ҳудудларда қадимги жамоаларга оид маконлар ва топилмажойлар қайд этилди.

Дастлабки маълумотларга кўра, Аччи қишлоғининг шарқий қисмида палеолит даврига, Пешагор қишлоғида эса неолит даврига оид маконлар аниқланган. Шунингдек, Аччи қишлоғининг ғарбий қисми ҳамда Аржа қишлоғи ҳудудларида неолит даврига мансуб топилмажойлар топилган.

Бир ҳудуд доирасида палеолит ва неолит даврларига оид ёдгорликларнинг аниқланиши Зомин воҳаси ва Туркистон тизмасининг ушбу қисмида қадимги жамоалар узоқ тарихий даврлар давомида яшаб, ҳудуддан мунтазам фойдаланганини кўрсатади.

Тадқиқотлар давомида Шароф Рашидов туманининг Равот қишлоғи, Равотсойнинг чап соҳилида янги қоятош суратлари мажмуаси ҳам аниқланган. Еттита сланец қоятош юзасида жами 30 га яқин петроглиф қайд этилди. Улар орасида овчи, тоғ эчкиси, қорамол, ит, қуёшсимон белги ҳамда камондан ўқ узатаётган овчи тасвирлари бор.

Дастлабки таҳлилларга кўра, мазкур петроглифлар бронза давридан илк ўрта асрларгача бўлган даврлар билан боғланади. Аниқланган объектлар ва қоятош тасвирлари Жиззах воҳаси ҳамда Туркистон тизмасининг қадимги тарихини ўрганишда муҳим илмий манба бўлиб хизмат қилади.

Келгусида ушбу ёдгорликларда кенг кўламли археологик тадқиқотлар ўтказиш, топилмаларни даврлаштириш, илмий ҳужжатлаштириш ва уларнинг тарихий-маданий аҳамиятини чуқур ўрганиш режалаштирилган.

89
0

Изоҳ