Интерпол сайтида Қаҳрамонжон Олимовга нисбатан «қизил билдиришнома» жойлаштирилган.
Билдиришноманинг очиқ қисмида Олимов қайси жиноятда айбланаётгани, жиноят иши тафсилотлари ёки қайси давлатнинг сўрови асосида халқаро қидирувга берилгани кўрсатилмаган.
Аввалроқ, 18 сентябрь куни The Insider нашри манбага таяниб, Қаҳрамонжон Олимов Ўзбекистонда сиртдан қамоққа олингани ва одам ўғирлаш билан боғлиқ жиноят иши доирасида халқаро қидирувга берилгани ҳақида хабар берган. Бу маълумот расмий органлар томонидан очиқ равишда тасдиқлангани ҳақида хабар берилмаган.
Шундан сўнг Anorbank тарқалган маълумотлар банк акциядорларидан бирининг шахсий ишларига тааллуқли эканини билдирган. Банк таъкидлашича, ушбу ҳолат банк капитали, бошқаруви ёки операцион фаолияти билан боғлиқ эмас.
Марказий банк ҳам банк одатдагидек ишлаётганини, омонатлар, кредитлар, тўловлар ва бошқа хизматлар бўйича операциялар узлуксиз амалга оширилаётганини маълум қилган.
Қайд этиш жоиз, 2025 йил июль ойида Франциянинг Le Monde нашри полициядаги манбасига таяниб, Қаҳрамонжон Олимов Париж марказида, Елисей майдонлари яқинида ўғирлаб кетилгани ҳақида хабар берган эди.
Нашр маълумотларига кўра, ниқоб кийган бир неча қуролланган шахс тадбиркорни мажбуран автомобильга ўтқазган. Кейинроқ одам ўғирловчилар унинг оиласи билан боғланиб, товон пули талаб қилган.
Бир неча кундан сўнг пул берилганидан кейин Олимов озод қилинган ва мустақил равишда полицияга мурожаат қилган.
Изоҳ