Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзаков Миллий кутубхона ортида автотураргоҳ барпо этиш ва ҳудудни ободонлаштириш бўйича давлат-хусусий шериклик лойиҳасини тасдиқлади.
Лойиҳа Юнусобод туманидаги «Қашқар» маҳалласи, Истиқлол кўчасида жойлашган 13 минг кв. метрлик ер майдонида амалга оширилади. Давлат-хусусий шериклик шартномаси 10 йилга тузилади.
Лойиҳани амалга ошириш ҳуқуқи e-auksion электрон савдоларига 514,2 млн сўм бошланғич нархда чиқарилади. Давлат шериги сифатида Toshkent Invest компанияси иштирок этади. Хусусий шерик эса уч ой ичида лойиҳага камида 10 млрд сўм инвестиция киритиши керак.
Ҳудудда автотураргоҳдан ташқари сквер, workout-зона, болалар майдончаси, замонавий умумий овқатланиш объекти, велосипед ва пиёдалар йўлаклари ҳамда енгил конструкциялардан спорт мажмуаси ташкил этилади. Майдонда капитал қурилиш ишларини олиб бориш тақиқланади.
Автотураргоҳ видеокузатув тизими ва бўш жойлар ҳақида маълумот берувчи LED-экранлар билан жиҳозланади. Шунингдек, онлайн ва офлайн тўлов, бўш жойни қидириш ҳамда мобил илова орқали йўналишни режалаштириш имконини берувчи тизим жорий этилади. У «Pullik to‘xtash joyi» АИС билан интеграция қилинади.
Автотураргоҳ тарифлари Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан келишилади. Тушумларнинг 10 фоизи давлат шеригига, яна 5 фоизи «Pullik to‘xtash joyi» тизими операторига ўтказилади.
Инвестор камида 10 та иш ўрни яратиши, уларнинг 20 фоизини ижтимоий реестрларга киритилган фуқаролар учун ажратиши, дарахт ва гуллар экиши, ногиронлиги бўлган шахслар учун пандуслар ҳамда махсус автотураргоҳ жойларини ташкил қилиши лозим.
Шунингдек, автотураргоҳ фойдаланувчиларини керакли жойларга олиб бориш учун камида иккита электромобиль — багги ёки гольф-кар бўлиши белгиланган.
Лойиҳа уч ой ичида тўлиқ ишга туширилиши керак. Шартнома муддати тугагач, хусусий шерик томонидан яратилган ва ўрнатилган объектлар давлат шеригига ўтказилади.
Изоҳ