Ҳукуматнинг 17 сентябрдаги 501-сон қарори билан педагогларнинг давлат олий таълим ташкилотларига ўқишга кирган ва таҳсил олаётган фарзандларига тўлов-контракт бўйича чегирма бериш тартиби тасдиқланди.
Янги тартибга кўра, чегирма ҳар йили давлат ОТМларининг бакалавриат босқичида кундузги таълим шаклида тўлов-контракт асосида ўқиётган педагоглар фарзандларига берилади.
Агар педагогнинг бир нечта фарзанди давлат ОТМларида контракт асосида таҳсил олаётган бўлса, чегирма ҳар бир фарзанд учун алоҳида қўлланилади.
Чегирма қуйидаги ҳолатларда татбиқ этилмайди:
— олий ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган таълим ташкилотларида;
— Ўзбекистонда фаолият юритаётган хорижий ОТМлар ва уларнинг филиалларида;
— қўшимча ва табақалаштирилган тўлов-контракт асосида;
— хорижий ҳамкор ОТМларнинг қўшма таълим дастурлари ва факультетларида;
— нодавлат олий таълим ташкилотларида таҳсил олаётганларга.
Чегирмадан фойдаланиш учун педагог фарзанди kontrakt.edu.uz тизими орқали ариза юборади. Аризани кўриб чиқиш жараёнида унинг педагог фарзанди эканлиги «Рақамли ҳукумат» тизимининг идоралараро интеграциялашув платформаси орқали тасдиқланади ва чегирма автоматик тарзда қўлланилади.
Аризалар масъул ташкилот томонидан 2 иш куни ичида кўриб чиқилади. Чегирма ҳар бир ўқув йили учун бир марта қўлланилади.
Агар педагогнинг отаси ёки онаси педагог тоифасидан чиқарилса, кейинги ўқув йилидан бошлаб мазкур чегирма қўлланилиши тўхтатилади.
Изоҳ