Тошкент шаҳрида Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази мутахассислари томонидан жорий этилган «Яшил тўлқин» тизими Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети олдидаги пиёдалар ўтиш жойидан Шайх Зайниддин кўчаси билан кесишма ҳудудидаги «Висол» тўйхонаси қаршисидаги пиёдалар ўтиш жойигача бўлган қисмни қамраб олган.
Тавсия этилган 50–60 км/соат тезликда ҳаракатланган автомобиль кейинги чорраҳалардан изчил ўтиши мумкин. Тизим жорий этилгунга қадар мазкур 5 километрлик йўлни босиб ўтиш учун 11 дақиқа 30 сония талаб этилган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич 9 дақиқа 40 сониягача қисқарган.
Шу тариқа, ҳайдовчилар ушбу йўл қисмида ўртача 1 дақиқа 50 сония вақт тежамоқда. Шунингдек, светофорларда мажбурий тўхташлар ва қайта тезланишлар камайиб, ҳаракатнинг бир маромда бўлишига эришилган.
Маълум қилинишича, пойтахтнинг транспорт оқими юқори бўлган бошқа йўл қисмларида ҳам «Яшил тўлқин» тизимини босқичма-босқич жорий этиш режалаштирилган.
Изоҳ