Жанубий Кореяда Ўзбекистон ва Корея Республикаси президентлари Шавкат Мирзиёев ва Ли Жэ Мён ўртасида олий даражадаги музокаралар бўлиб ўтди. Учрашув якунлари бўйича икки мамлакат ўртасида қатор икки томонлама ҳужжатлар имзоланди.
Жами 13 та меморандум ва келишув транспорт ва авиация, қишлоқ хўжалиги, туризм, сунъий интеллект, техник кўмак, олий, мактаб ва мактабгача таълим, тиббий маҳсулотларни тартибга солиш, экология, иқлим ўзгаришига қарши кураш, интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш, архив иши ва бошқа йўналишларни қамраб олди.
Музокаралар давомида Ўзбекистонда амалга оширилиши режалаштирилган истиқболли лойиҳаларнинг умумий қиймати қарийб 12 млрд доллар экани маълум қилинди.
Yonhap агентлиги хабар беришича, томонлар ҳамкорликни янги йўналишларда, жумладан муҳим стратегик минераллар соҳасида ривожлантириш бўйича ҳам келишиб олган. Шунингдек, Орол денгизининг чўлланиши ва Ўзбекистондаги сув танқислигига қарши кураш бўйича қўшма ишларни давом эттиришга келишилган.
Имзоланган ҳужжатлардан бири Корея Экспорт-импорт банки ҳамда Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ўртасида тузилиб, муҳим минераллар, дата-марказлар, ақлли шаҳарлар ва биотехнология каби олтита стратегик йўналишда янги бизнес имкониятларини яратишни назарда тутади.
Шунингдек, Кореянинг қишлоқ хўжалиги технологияларини Ўзбекистонга жорий этиш ҳамда тиббий маҳсулотларни тартибга солиш соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича келишувларга эришилди.
Изоҳ