Хоразм вилоятида ДХХ, вилоят ИИБ ҳамда Божхона бошқармалари ходимлари ҳамкорлигида Тупроққалъа туманида «Сурхондарё — Хоразм» йўналишида ҳаракатланаётган «Ласетти» автомашинаси тўхтатилиб, текширилди.
Натижада автомашинада йўловчи сифатида кетаётган, Ангор туманида яшовчи, 1960 йилда туғилган, муқаддам гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жинояти учун икки марта судланган шахсга тегишли пакетдан 490 грамм «опий» моддаси топилди. У мазкур гиёҳвандлик воситасини қўшни давлатдан контрабанда йўли билан олиб кириб, Хоразм вилоятида сотмоқчи бўлган.
Яна бир ҳолатда «Тошкент — Хоразм» йўналишида ҳаракатланаётган «Оникс» автомашинаси йўловчиси — Урганч шаҳрида яшовчи, 1968 йилда туғилган шахснинг ёнидан 119 грамм «гашиш» моддаси олинди.
Жиззах вилоятида эса ДХХ ва ИИБ ходимлари ҳамкорлигида Сирдарё вилоятининг Оқолтин туманида тезкор тадбир ўтказилди. «Сирдарё — Жиззах» йўналишида ҳаракатланаётган «Ласетти» автомашинаси ҳайдовчиси — Жиззах шаҳрида яшовчи, 1974 йилда туғилган, муқаддам гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жинояти учун судланган шахснинг оёқ кийими ичидан 16 грамм «опий» моддаси топилди.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ