Олий Мажлис Сенатининг 19-ялпи мажлисида «Ўзбек тилига асосланган лотин ёзувини жорий этиш тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш киритиш ҳақидаги қонун муҳокама қилинди.
Мажлисда сўнгги йилларда мамлакатда ўзбек тилини ривожлантириш, унинг давлат тили сифатидаги мақомини мустаҳкамлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилаётгани, шунингдек, ўзбек тилининг халқаро нуфузи ошиб бораётгани таъкидланди.
Қонун билан лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси 28 та ҳарф ва 1 та апострофдан иборат бўлиши белгиланмоқда. Амалдаги алифбода эса 26 та ҳарф ва 3 та ҳарф бирикмаси мавжуд.
Шунингдек, фуқаролар ва ташкилотларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини инобатга олган ҳолда, янги таҳрирдаги алифбога ўтиш жараёнида қонун кучга киргунга қадар амалдаги алифбода расмийлаштирилган ҳужжатлар, миллий валюта ва қимматли қоғозлар муомаласига рухсат берилади.
Давлат органлари ва ташкилотларининг айрим рамзий белгилари, шунингдек, пешлавҳа ва кўрсаткичлардан улар яроқсиз ҳолга келгунга қадар ёки белгиланган муддатгача фойдаланишга рухсат этилади.
Сенаторлар фикрича, қонуннинг қабул қилиниши лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси ва имло қоидаларини такомиллаштириш, давлат тилидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда ўзбек тилини рақамлаштириш жараёнларини ривожлантиришга хизмат қилади.
Муҳокамалар якунида қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Изоҳ