2 сентябрь куни Чорвоқ сув омборининг “Боғистон” МФЙ ҳудудидан оқиб ўтувчи қисмида бир оиланинг уч аъзоси — ота ва унинг икки ўғли чўкиб кетгани хабар қилинганди. Ҳозирда уларни қидириш учун бешта қутқарув отряди ва еттита қутқарув бригадаси жалб қилинган.
Қутқарув отряди командири Рустам Бўриевнинг маълум қилишича, оила катерда сув омбори бўйлаб сайр қилган. Улар чўмилиш тақиқланган ҳудудда суратга тушиш учун тўхтаган ва кейинчалик сувга тушган.
Катер бошқарувчиси фуқароларга сувга тушишдан аввал қутқарув жилетларини кийишни тавсия қилган. Бироқ улар бу тавсияга амал қилмаган.
Чўмилиш вақтида аввал ўғиллардан бирининг оёғи тортишиб қолган. Уни қутқариш учун отаси, кейин эса иккинчи ўғли сувга тушган. Натижада учаласи ҳам чўкиб кетган.
Катерда бўлган аёл ва яна бир фуқаро ёрдам сўраган. Катер ҳайдовчиси ҳам сувга тушиб, уларни қутқаришга уринган, бироқ бунинг уддасидан чиқа олмаган.
Ҳозирда қидирув-қутқарув ишларига Тошкент вилоятидан ташқари Сирдарё ва Жиззах вилоятларидан ҳам қутқарув отрядлари жалб этилган. Ҳодиса жойида махсус штаб ташкил этилган бўлиб, тегишли вазирлик ва хизматлар вакиллари қидирув ишларида иштирок этмоқда.
Қутқарувчилар уч нафар фуқарони топиш бўйича қидирув ишларини давом эттирмоқда.
Изоҳ