Тошкентда Шаҳрисабз кўчасида BRT йўлагининг биринчи босқичи фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда пойтахт Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази матбуот хизмати хабар берди.
Лойиҳанинг мазкур босқичи Шаҳрисабз, Мирабод ва Шота Руставели кўчалари кесишмасидаги айланма чорраҳадан Амир Темур шоҳ кўчаси билан кесишмагача бўлган 1,2 километрлик ҳудудни қамраб олган.
Қайд этилишича, қурилиш ишлари давомида йўл конструкцияси, жумладан, унинг қуйи асоси тўлиқ қайта қурилган. Айрим ҳудудларда 2 метрдан ортиқ чуқурликда ер ишлари олиб борилиб, мавжуд йўл асоси демонтаж қилинган ва йўл тўшамаси янгидан шакллантирилган.
Тупроқ намлигининг таъсирини камайтириш, тупроқ силжиши ва кейинчалик чўкишининг олдини олиш мақсадида геотекстиль ётқизилган.
Шундан сўнг йўл асоси босқичма-босқич мустаҳкамланган:
— қалинлиги 35 сантиметр бўлган қум-шағал аралашмаси ётқизилган;
— М-75 маркали мустаҳкамловчи қатлам ташкил этилган;
— қалинлиги 9 сантиметр бўлган йирик донали асфальт-бетон ётқизилган;
— якуний қоплама сифатида қалинлиги 5 сантиметр бўлган ШМА-20 қатлами қўлланган.
BRT инфратузилмасини яратиш доирасида 6 та янги автобус бекати ташкил этилиб, жамоат транспорти учун алоҳида ҳаракатланиш йўлаги ажратилган. BRT йўлаги бордюрлар ёрдамида умумий транспорт оқимидан жисмонан ажратилган.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, бундай ечим автобусларнинг тирбандликларга боғлиқлигини камайтириш, ҳаракатланиш интервалларининг барқарорлигини ошириш, шунингдек, бекатларга кириш ва улардан чиқишда хавфсизроқ шароит яратиш имконини беради.
Узунлиги 1,2 километр бўлган мазкур йўл Шаҳрисабз кўчасида BRT инфратузилмасини шакллантиришнинг биринчи босқичи ҳисобланади. Умумий лойиҳа доирасида Шаҳрисабз кўчасининг қарийб 3 километрлик қисмида BRT йўлагини ташкил этиш кўзда тутилган.
Изоҳ