11 август куни Шайхонтоҳур тумани жиноят ишлари бўйича судида ижтимоий тармоқларда Comrade Aziz номи билан танилган Азиз Ҳакимовга нисбатан жиноят иши бўйича ёпиқ суд мажлиси якунида ҳукм ўқилди.
Суд маълумотига кўра, Ҳакимов Ўзбекистон Жиноят кодексининг 150-моддаси (урушни тарғиб қилиш) бўйича жиноят таркиби мавжуд эмаслиги сабабли оқланган. У Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 2-банди асосида реабилитация қилинган.
Шу билан бирга, фуқаро:
- Жиноят кодексининг 139-моддаси 2-қисми (туҳмат);
- 140-моддаси 2-қисми (ҳақорат);
- 156-моддаси 2-қисми (миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш)
бўйича айбдор деб топилган.
Суд Жиноят кодексининг 59 ва 61-моддалари асосида тайинланган жазоларни қисман қўшиб, Азиз Ҳакимовга 4 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.
Бундан ташқари, суд Рақамли технологиялар вазирлигига фуқаро юритган Telegram каналини блоклаш мажбуриятини юклади.
Шунингдек, ишдаги олти нафар жабрланувчига етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириш талаби билан фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилди.
Изоҳ