Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида фуқароларни яшаш ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш тартибини соддалаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилмоқда.
Қонун лойиҳасига кўра, оила аъзолари ва яқин қариндошларни турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказишда уй-жой майдонининг ижтимоий нормаси билан боғлиқ чекловларни бекор қилиш таклиф этилмоқда.
Яъни, эр-хотин, ота-она ва фарзандлар, бува-буви ва набиралар, ака-ука ҳамда опа-сингиллар бир-бирининг уй-жойига рўйхатдан ўтаётганда, хонадон майдони белгиланган меъёрдан кам бўлса ҳам, бу ҳолат рўйхатдан ўтишга тўсқинлик қилмаслиги белгиланмоқда.
Шунингдек, талабалар турар жойларида яшаётган талабалар учун ҳам алоҳида ҳуқуқий механизм жорий этиш таклиф қилинмоқда. Унга кўра, талабаларни рўйхатдан ўтказишда уй-жой майдонининг ижтимоий нормаси қўлланилмайди.
Бу ўзгартишлар оила аъзолари ва яқин қариндошларни бир манзилда рўйхатдан ўтказишни енгиллаштириши, шунингдек, талабаларни ётоқхоналарда рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиши кутилмоқда.
Изоҳ