Фарғона вилояти ИИБ матбуот хизматининг маълум қилишича, вилоят ИИБ ходимлари Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари билан ҳамкорликда "Дурафшон" маҳалласида яшовчи 39 ёшли аёлни қўлга олган.
Маълум бўлишича, аёл ўз уйида ноқонуний ўқув хонаси (ҳужра) ташкил этиб, у ерда 41 нафар вояга етмаган қизларга диний таълим берган.
Болалар Қўқон шаҳри, Учкўприк, Ёзёвон, Бувайда ва Бағдод туманларидан бўлган. Уларнинг барчаси ўқиш пайтида уйда яшаган. Ота-оналар ҳар бир фарзанд учун ойига 600 минг сўмдан пул тўлашган.
Тарбияланувчилар орасида 5-6 ёшли қизлар ҳам бор бўлган. Шу билан бирга, диний таълимни олиб борган аёл олий маълумотга ва тегишли дипломга эга бўлмаган.
Мазкур ҳолат юзасидан унга нисбатан ЖКнинг 229-2-моддаси 2-қисми (диний таълимотларни ўқитиш тартибини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилди.
Бундан ташқари, барча вояга етмаганларнинг ота-оналарига нисбатан МЖтКнинг 47-моддаси 3-қисми (Болаларга таълим ва тарбия бериш мажбуриятларини бажармаслик) билан маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.
Изоҳ