Беларусь пойтахти Минск шаҳрига Ўзбекистоннинг фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланган Нуриддин Мамажонов етиб борди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар қилди.
Тайинловга қадар Нуриддин Мамажонов Фарғона вилояти ҳокимининг инвестициялар ва ташқи савдо масалалари бўйича ўринбосари — Инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келган.
45 ёшли дипломат Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳамда Чехиядаги Марказий Богемия университетини тамомлаган. Шунингдек, Прага шаҳридаги Европа амалий фанлар ва менежмент институтида (DBA) бизнес бошқаруви доктори даражасини олган.
У меҳнат фаолияти давомида Ўзбекистон Адлия ва Ташқи ишлар вазирликларида, шунингдек, мамлакатнинг Германиядаги элчихонаси ва Франкфурт-на-Майн шаҳридаги Бош консулхонасида турли лавозимларда фаолият юритган. 2022–2023 йилларда эса Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонасида савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчи, кейинчалик Ташқи ишлар вазирлигининг Иқтисодий дипломатия департаменти бошлиғининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаган.
Нуриддин Мамажонов 2024–2026 йилларда Минскдаги Ўзбекистон элчихонасига раҳбарлик қилган Раҳматулла Назаров ўрнини эгаллади.
Аввалроқ Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг Беларусдаги элчиси инвестицияларни жалб қилиш ва ташқи савдони ривожлантириш масалаларига лоқайд муносабатда бўлгани учун лавозимидан озод этилганини маълум қилган эди.
Изоҳ