Биринчи ярим йилликда ички бозорга таклиф қилинган хорижий валюта ҳажми қарийб 28 млрд долларга етди. Таклифнинг ўсиш суръатлари валютага бўлган талабнинг ошишидан анча ошиб кетди. Жорий йилнинг январь–июнь ойларида Ўзбекистонда хорижий валюта таклифи 31 фоизга ошди. Бу ҳақда Марказий банкнинг шарҳида маълум қилинди.
Қайд этилишича, Марказий банк операциялари ҳисобга олинмаган ҳолда хорижий валюта таклифи ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 31 фоизга кўпайиб, 27,8 миллиард долларни ташкил этган.
Шу билан бирга, хорижий валютага бўлган умумий талаб 20 фоизга ўсиб, қарийб 32 миллиард долларга етган. Натижада валюта таклифи бозорнинг уни сотиб олишга бўлган эҳтиёжидан тезроқ ўсган.
Валюта таклифининг ортишига экспорт тушумларининг кўпайиши, корхоналар ва аҳоли томонидан валюта сотилиши, шунингдек, халқаро пул ўтказмаларининг ўсиши асосий омил бўлган.
Хусусан, жисмоний шахслар олти ой давомида тижорат банкларига 12,3 миллиард долларлик хорижий валюта сотган, шу вақтнинг ўзида 6,8 миллиард долларлик валюта харид қилган. Натижада аҳоли сотган валюта ҳажми харид қилинган валютадан 5,5 миллиард долларга кўп бўлган.
Бундан ташқари, халқаро пул ўтказмалари тизимлари орқали Ўзбекистонга 9,3 миллиард доллар келиб тушган, хорижга эса 1,3 миллиард доллар юборилган. Шу тариқа, соф пул ўтказмалари оқими 8 миллиард долларни ташкил этган.
Марказий банк баҳосига кўра, хорижий валюта тушумларининг кўпайиши жорий йилнинг биринчи ярмида миллий валюта алмашув курсининг нисбатан барқарор сақланишига хизмат қилган.
Изоҳ