Давлат раҳбари маданият ва санъат соҳасини ривожлантиришга қаратилган лойиҳалар тақдимоти билан танишар экан, маданий мерос объектларини реставрация қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
Лойиҳага кўра, Романов саройининг тарихий қиёфаси тўлиқ сақлаб қолинади. Шу билан бирга, бинода 300 га яқин ноёб экспонатдан иборат доимий экспозиция ташкил этилади.
Тақдимотда Мухтор Ашрафий уй-музейини реставрация қилиш ишлари ҳам маълум қилинди. Унда бинонинг фасади ва тарихий интерьерлари тикланмоқда, экспозиция янгиланмоқда. Шунингдек, музей замонавий муҳандислик тизимлари, хавфсизлик ва иқлим назорати ускуналари, мультимедиа воситалари ҳамда овоз ёзиш студияси билан жиҳозланади.
Йиғилишда Ўзбекистоннинг археологик ва илмий меросини халқаро майдонда намойиш этиш бўйича режалар ҳам кўриб чиқилди.
Хусусан, жорий йил сентябрь ойида Доҳадаги Ислом санъати музейида «Uzbekistan: Heritage in Motion» кўргазмасини ўтказиш, ноябрь ойида эса Миландаги Prada Foundationда «Global Antiquity» халқаро археология кўргазмасида Ўзбекистоннинг ноёб экспонатларини намойиш этиш режалаштирилган.
2027 йилда Венециядаги Palazzo Grimani ва Япониянинг Нара миллий музейида бронза давридан илк ўрта асрларгача бўлган даврни акс эттирувчи 200 дан ортиқ археологик ашё намойиш этилади. Шунингдек, Миландаги Palazzo Realeда зардузлик намуналари, сўзана, икат, заргарлик буюмлари ва амалий санъат асарларини ўз ичига олган 150 дан ортиқ экспонат кўргазмаси ташкил этилади.
Бундан ташқари, Флоренция шаҳрида Абу Али ибн Синонинг ҳаёти ва илмий меросига бағишланган кўргазма ўтказиш, шунингдек, Япония, Буюк Британия, Хитой, Саудия Арабистони ва бошқа мамлакатларнинг етакчи маданий муассасалари билан қўшма лойиҳаларни амалга ошириш режалари ҳам маълум қилинди.
Изоҳ