Жорий йилнинг 22 июнь куни Тошкент вилояти жиноят ишлари бўйича Оққўрғон туман суди, Оққўрғон тумани ИИБ биносида, очиқ сайѐр суд мажлисида Р.У.га оид суд иши кўриб чиқилди.
Судланувчи Р.У. 2025 йил 30 июнь куни, Россия томонидан Луганск, Донецк ва Украина давлати ҳудудида қуролли тўқнашувда ҳамда ҳарбий ҳаракатларда қатнашиш учун ёлланиш мақсадида, Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрига кетиб, моддий манфаатдорликни кўзлаб, Россия тарафини олиб қуролли тўқнашувда қатнашиш учун Россия Қуролли кучлари хизматига ёлланган.
У Россия Мудофаа Вазирлигининг ҳарбий қисмида оддий аскар лавозимида хизмат қилиб келиб, Украинада бир йил шартнома муддати давомида махсус жанговар вазифаларни бажариб, жанговар ҳаракатлар вақтида яраланган. Шундан сўнг у хизматдан заҳирага бўшатилганидан кейин, 2025 йил 24 ноябрь куни Россия фуқаролигини олиб, 2026 йил 19 январда Ўзбекистонга қайтиб келган вақтида ИИБ ва ДХХ ходимлари томонидан қўлга олинган.
Олиб борилган терговга қадар текширув вақтида Р.У.га тегишли Gаlаху S-23 FЕ телефони мутахассис иштирокида кўздан кечирилганда, унинг телефони "галерея" папкасида Р.У.нинг 2025 йил 26 февраль куни туширилган 7 дона фотосуратлари борлиги, ушбу фотосуратларда унинг АКМ автомати билан жанговар ҳаракатлар вақтида тушган фотосуратлари мавжудлиги аниқланган.
Судланувчи Р.У. ЖКнинг 154-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди ва унга нисбатан ЖКнинг 154-моддаси 1-қисми билан ушбу Кодекснинг 57-моддасини қўллаб, 3 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Изоҳ