Президент Шавкат Мирзиёев раислигида маҳаллаларга янги муҳит олиб кириш ҳамда "маҳалла еттилиги" фаолиятини янгича ташкил қилиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилмоқда.
Йиғилишда давлат раҳбари жорий йилда инфратузилмани яхшилаш, аҳоли ва тадбиркорлар учун қулай шароит яратиш мақсадида туманларга ўртача 250 миллиард сўмдан, маҳаллаларга эса 5,5 миллиард сўмдан маблағ ажратилганини маълум қилди.
Шунингдек, туман ҳокимлари ва маҳалла раисларининг тушумлар бўйича ваколатлари кенгайтирилиши натижасида ҳудудларда қоладиган қўшимча даромад икки бараваргача ошгани таъкидланди. Бугунги кунда туманларда ўртача 22 миллиард сўмдан, маҳаллалар бюджетида эса ўртача 150–200 миллион сўмдан қўшимча маблағ шаклланган.
Президентнинг таъкидлашича, ҳудудлардаги муаммоларни ҳал этиш учун зарур ресурс ва ваколатлар мавжуд.
"Лўнда айтганда, ҳудуддаги масалаларни ҳал қилиш учун ҳокимда ҳам, маҳалла раисида ҳам, умуман, "еттилик"нинг ҳар бир вакилида ресурс ва ваколат бор. Етишмаётган жиҳат – масъулият ва ташаббускорлик", — деди Шавкат Мирзиёев.
Изоҳ