Тошкентда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексни йўл бўйидаги пуллик автотураргоҳлардан фойдаланганлик учун ҳақ тўламаганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи янги модда билан тўлдириш таклиф қилинди. Тегишли қонун лойиҳаси Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан ишлаб чиқилган ва жамоатчилик муҳокамаси учун regulation.gov.uz порталида эълон қилинган.
Хусусан, МЖтКни "Йўл бўйидаги пулли тўхташ жойларидан фойдаланганлик учун тўловни амалга оширмаслик" номли янги 128-11-модда билан тўлдириш таклиф этилмоқда.
Ушбу модданинг санкцияларига кўра, йўл четидаги пуллик автотураргоҳдан фойдаланиш учун тўловни ўз вақтида амалга оширмаслик ёки бундай тўловни амалга оширишдан бўйин товлаш БҲМнинг 2 баравари миқдорида (ҳозир 824 000 сўм, 1 сентябрдан бошлаб 880 000 сўм) жарима солишга сабаб бўлади.
Бунда ушбу талаб қонунчиликда бундай автотураргоҳлардан бепул ёки имтиёзли шартларда фойдаланиш ҳуқуқи берилган шахсларга нисбатан татбиқ этилмайди.
Бундан ташқари, қонун лойиҳасида ушбу моддада назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича ўз вақтида тўланмаганлик факти махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш воситалари ёрдамида олинган материаллар ҳамда ахборот тизимлари маълумотлари билан тасдиқланишини белгилаш таклиф этилмоқда.
Қонун лойиҳаси муҳокамаси 2026 йил 28 июлга қадар давом этади.
Изоҳ