Сенатнинг 17-ялпи мажлисида "Болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида"ги Қонун маъқулланди.
Қонун билан таълим ташкилотларида вояга етмаганларни тарбиялаш ва ўқитиш жараёнида уларга нисбатан жисмоний зўравонлик содир этганлик ҳамда болаларни ҳақорат қилганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.
Педагогик фаолияти давомида вояга етмаганларга нисбатан жисмоний ва (ёки) психологик зўравонлик билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик содир этганлиги учун маъмурий жавобгарликка тортилган шахслар бир йил давомида мактабгача таълим ташкилотларида педагогик фаолият билан шуғуллана олмаслиги назарда тутилмоқда.
Бундан ташқари, тўлиқ давлат ёки нодавлат муассасаси қарамоғида бўлган бола учун ота ёки онани алимент тўлашдан озод қилишга йўл қўйилмайди.
Қонунда етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар фақат қариндошларига тарбияга берилиши мумкинлиги тўғрисидаги қоида ҳам киритилмоқда.
Шунингдек, ҳужжатда вояга етмаганлар билан боғлиқ жиноят ишлари ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилиши тўғрисидаги норма киритилмоқда.
Ушбу қонун Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан ишлаб чиқилган. Унда олтита кодекс ва ўн учта қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилган.
Сенаторларнинг таъкидлашича, ҳужжат таълим муассасаларида болаларнинг қадр-қиммати ва дахлсизлигини таъминлаш орқали уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлашга замин яратади.
Изоҳ