Институт томонидан ўтказилган тадқиқотда қайд этилишича, мазкур механизм солиқ маъмурчилигини рақамлаштиришнинг дастлабки босқичида муҳим аҳамият касб этган. У фуқароларда фискал чек талаб қилиш одатини шакллантириш, жамоатчилик солиқ назоратини кучайтириш, яширин айланмани қисқартириш ҳамда реал вақт режимида солиқ маълумотларини йиғиш ҳажмини оширишга хизмат қилган.
Бироқ тадқиқот муаллифлари фикрича, харидорларни оммавий тарзда субсидиялаш эндиликда аввалгидек самара бермаяпти.
Тадқиқот маълумотларига кўра, солиқ кешбэки учун давлат бюджети харажатлари 2022 йилдаги 820 миллиард сўмдан 2025 йилда 1,54 триллион сўмгача ошган. 2026 йилда эса бу кўрсаткич 1,8 триллион сўмга етиши мумкин.
Шу билан бирга, айланмадан олинадиган солиқ тушумларининг ўсиш суръати пасайиб бормоқда. Агар 2022 йилда бу кўрсаткич 52,3 фоизни ташкил этган бўлса, 2025 йилга келиб 8,5 фоизга тушган. Муаллифлар фикрича, бу оммавий кешбэк учун ажратилаётган маблағлар солиқ тушумларининг мутаносиб ўсишига олиб келмаётганини кўрсатади.
Ҳужжатда, шунингдек, бюджет маблағларининг катта қисми қонуний фаолият юритаётган йирик савдо тармоқларида амалга оширилган харидларга тўғри келаётгани қайд этилган. Масалан, жорий йил май ойида харидорларга 146,6 миллиард сўм кешбэк тўланган бўлса, унинг 15,7 миллиард сўми ёки 10,7 фоизи ўнта энг йирик савдо бренди ҳиссасига тўғри келган.
Институт маълум қилишича, оммавий кешбэк тизими айрим ҳолларда суиистеъмол қилинишига ҳам сабаб бўлмоқда. Хусусан, товар амалда сотилмаган бўлса-да, бюджетдан мукофот олиш мақсадида фискал чек расмийлаштириш ҳолатлари аниқланган. Муаллифлар фикрича, бу бюджет маблағларининг асоссиз сарфланишига ва ноқонуний манфаат олиш учун шароит яратади.
Шу муносабат билан институт оммавий кешбэк ўрнига солиқ хавфи юқори бўлган соҳаларда — жумладан, умумий овқатланиш корхоналари ва кичик чакана савдо нуқталаридан чекларни рўйхатдан ўтказган харидорлар ўртасида давлат лотереяларини ташкил этишни таклиф қилмоқда.
Институт ҳисоб-китобларига кўра, йирик мукофот жамғармасини шакллантириш учун 100 миллиард сўмгача маблағ талаб этилади. Бу эса амалдаги тизимга нисбатан бюджет харажатларини қарийб 20 бараварга қисқартириш билан бирга, аҳолининг юқори хавфли соҳаларда чек талаб қилишга бўлган қизиқишини сақлаб қолиш имконини беради.
Тадқиқотда онлайн назорат-касса машиналари, электрон ҳисобварақ-фактуралар, рақамли маркировка, маркетплейслар, катта маълумотлар технологиялари ва сунъий интеллект ривожланаётгани туфайли оммавий рағбатлантиришдан хавфларга асосланган солиқ назорати тизимига босқичма-босқич ўтиш мумкинлиги ҳам таъкидланган.
Айни пайтда гап тадқиқот муаллифлари томонидан илгари сурилган таклиф ҳақида кетмоқда. Солиқ кешбэкини бекор қилиш бўйича ҳозирча ҳеч қандай расмий қарор қабул қилинмаган.
Изоҳ