Тақдимот давомида давлат раҳбари Маҳалла ривожлантириш миллий институтини ташкил этиш таклифини билдирди. Институт фаолияти катта илмий салоҳиятга эга бўлган Davlat boshqaruvi akademiyasi билан узвий ҳамкорликда йўлга қўйилади.
Янги институт маҳалла тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларни илмий таҳлил қилиш, илғор тажрибаларни ўрганиш ва оммалаштириш, шунингдек маҳалладаги «еттилик» фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича амалий тавсиялар ишлаб чиқиш билан шуғулланади.
Ушбу тизим орқали ҳар йили маҳалла тизими ходимлари ва «еттилик» аъзоларидан иборат 21 минг нафар ходимнинг малакаси ошириб борилади.
Маълум қилинишича, йил якунига қадар:
- 1 миллион нафар аҳолини доимий иш билан таъминлаш;
- 181 минг оилани камбағалликдан чиқариш;
- камбағалликдан холи маҳаллалар сонини 2,5 баравар ошириб, 3,5 мингтага етказиш;
- ишсизлик ва камбағаллик даражасини 4,5 фоизгача тушириш режалаштирилган.
Шунингдек, маҳаллаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Республика маҳалла жамғармасига қўшимча 200 миллиард сўм ажратилади. Маҳаллалар учун яна 300 миллиард сўмлик доимий даромад манбалари ҳам яратилади.
Жумладан:
- маҳалла ҳудудида санитария қоидаларини бузиш ва ноқонуний қурилиш учун солинадиган жарималарнинг бир қисми маҳалла бюджетларига йўналтирилади;
- ер ва мол-мулк солиғидан маҳаллалар ихтиёрида қолдириладиган улуш 10 фоиздан 15 фоизга оширилади;
- бўш турган биноларни ижарага бериш ва айрим объектларни сотишдан тушган маблағлар ҳам маҳаллалар тасарруфида қолади.
Ушбу маблағлар биринчи навбатда:
- ички йўлларни таъмирлаш;
- пиёдалар йўлакларини қуриш;
- болалар ва спорт майдончаларини барпо этиш;
- маҳалла боғларини ташкил қилиш;
- эҳтиёжманд оилалар бандлигини таъминлаш каби лойиҳаларга сарфланади.
Бундан ташқари, жиноят йўлига кириб қолган 245 минг нафар фуқарони касб-ҳунарга ўргатиш ва уларни жамиятга қайта мослаштириш бўйича алоҳида ишлар ташкил этилади.
Изоҳ