Сўнгги йилларда атмосфера ҳавосининг ифлосланиши долзарб масалага айланиб, жамоатчиликнинг турли эътирозларига сабаб бўлмоқда. Шу муносабат билан атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш, экологик барқарорликни таъминлаш, аҳоли саломатлигини асраш ҳамда транспорт воситаларидан чиқарилаётган зарарли моддалар ҳажмини камайтиришга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, дея хабар бермоқда Экология ва атроф-муҳитни муҳоваза қилиш вазирлиги.
Мутахассислар таъкидлашича, транспорт воситалари атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи доимий манбалардан бири ҳисобланади. Айниқса, экологик талабларга жавоб бермайдиган ва муддати ўтган автомобиллар атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатади.
Шу боисдан 2026 йилдан бошлаб мамлакатда эски автомобилларни босқичма-босқич утилизация қилиш ва уларнинг қисмларини қайта ишлашнинг самарали тизимини жорий этиш режалаштирилмоқда.
Маълум қилинишича, ишлаб чиқарилганига 30 йил ва ундан ортиқ бўлган автотранспорт воситалари эгаларидан бозор нархида баҳоланиб сотиб олинади ва утилизация қилиш учун топширилади.
Истеъмолчи электрон ваучерлар ёрдамида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган янги автомобилларни имтиёзли шартларда сотиб олиши мумкин бўлади. Бунда электрон ваучерда кўрсатилган маблағлар миқдорида чегирма берилади, истеъмолчи тўловнинг қолган қисмини бир йилдан ортиқ муддатга бўлиб тўлаши мумкин.
Автотранспорт эгаларига янги автомобилнинг бошланғич тўлови учун электрон ваучер тақдим этилиши ёки мазкур ваучерни пул кўринишида олиш имконияти яратилади. Электрон ваучер орқали Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган янги автомобилларни имтиёзли шартларда харид қилиш мумкин бўлади. Бунда ваучерда кўрсатилган маблағ миқдорида чегирма берилади, қолган тўловни эса бир йилдан ортиқ муддатга бўлиб тўлаш имконияти тақдим этилади.
Шунингдек, эски автомобилини ўз вақтида утилизацияга топширмаган фуқаролар учун ҳар йили базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баравари миқдорида экологик компенсация тўловини жорий этиш таклиф этилмоқда.
Изоҳ