Сўнгги уч кун ичида Туркияда тўрт нафар Ўзбекистон фуқароси вафот этди, деб хабар бермоқда Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси матбуот хизмати.
Хусусан, 11 июнь куни Истанбул шаҳридаги Шимолий Мармара автомагистраль йўлида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида 31 ёшли Ўзбекистон фуқароси А.Х., унинг Туркия фуқароси бўлган турмуш ўртоғи ҳамда икки ойлик фарзанди ҳалок бўлди.
12 июнь куни Тузла туманида содир бўлган яна бир йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида 23 ёшли Ўзбекистон фуқароси Н.М. оғир тан жароҳатлари олиб вафот этган.
13 июнь куни Истанбулдаги шифохоналардан бирида яна бир Ўзбекистон фуқароси, узоқ вақт саратон касаллиги билан курашган 58 ёшли аёл вафот этди.
Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирди.
Айни пайтда Бош консулхона Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги билан биргаликда жасадларни ватанга жўнатиш ва бошқа ташкилий масалаларни ҳал этишда зарур консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатмоқда.
Изоҳ