Россия президенти Владимир Путин чет эл фуқаролари ва меҳнат мигрантлари учун мажбурий тиббий кўрик қоидаларини кучайтиришни назарда тутувчи қонунни имзолади.
Ҳозирги вақтда мигрантлар Россия Федерациясига киргандан сўнг 90 кун ичида хавфли юқумли касалликлар, ОИВ, шунингдек, гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш фактини текшириш учун тиббий кўрикдан ўтишлари керак эди. Жарима 2 мингдан 4 минг рублгача бўлиб, суд қарори билан маъмурий тарзда чиқариб юборилиши мумкин.
Янги қонунга кўра, бу муддат 30 кунгача қисқартирилмоқда. Вақтинча яшаш ёки ишлаш учун рухсатнома олиш, шунингдек, патентни қайта расмийлаштириш учун тиббий кўрикдан ўтиш мажбурий бўлади. Ундан ҳар йили ўтиш керак.
Агар жарима ўз вақтида тўланмаса, қоидабузар дастлабки сумманинг икки баравари миқдорида жаримага тортилади, шунингдек, мамлакатдан мажбурий чиқариб юборилади.
Жарималар миқдори: жисмоний шахслар учун - 25 мингдан 100 минг рублгача, мансабдор шахслар учун - 100 мингдан 200 минг рублгача, юридик шахслар учун - 300 мингдан 1 миллион рублгача.
Агар текширув давомида мигрантларда хавфли касалликлар, ОИВ аниқланса ёки гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш факти тасдиқланса, тиббий ташкилотлар 24 соат ичида депортация тўғрисида тезкор қарор қабул қилиш учун ИИВ ва Роспотребнадзорни хабардор қилади.
Қонун жорий йилнинг 1 сентябридан кучга киради.
Изоҳ