2026 йил 16 июль куни соат 23:53 да Ангрен шаҳрида истиқомат қилувчи 1993 йилда туғилган аёл Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармасига қўнғироқ қилиб, 2000 йилда туғилган синглиси ҳамда 1995 йилда туғилган бўлажак куёви йигит бошқарувидаги Gentra русумли автомашинада яшаш хонадонидан номаълум томонга чиқиб кетиб, қайтиб келмаганини маълум қилган.
Шундан сўнг олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида йигит ва қизнинг жонсиз танаси гараж ичида турган Gentra русумли автомашина салонидан топилган. Дастлабки маълумотларга кўра, улар ис газидан заҳарланиш аломатлари билан вафот этган.
Маҳалла раисининг сўзларига кўра, марҳумлар намунали ва зиёли оилаларда вояга етган бўлиб, яқин кунларда уларнинг тўйи ўтказилиши режалаштирилган эди.
«17 июль куни эрталаб хабар топдим. Воқеа жойига борсам, олиб кетишган экан, гаражлар печатланган экан. Уйларига ўтдик, борсак аза экан. Маҳалламизга ҳам келиб суҳбатдан ўтиб кетди. Келин-куёв жуда яхши оила, зиёли оила. Мана йигитимизнинг ота-онаси ҳам жуда яхши, ўқитувчи, зиёли оилалардан бири эди. Бу оилада ҳеч қачон биз эътирозлар, жанжал-панжал ҳеч қанақа эшитмаганмиз. Маҳалламизнинг энг яхши оилаларидан бири. Ишонмадик-да бунақа нарсага. Қайғуга тушди, мана тўй ҳаракати, ҳамма нарсани тайёрлаб қўйган, бошқа қилиб қўйган. Мана кўриб турибсизки, тўйимиз азага айланиб ўтирибди.
Йигит бизнинг маҳаллада, қизимиз бошқа маҳаллада истиқомат қилади», — дейди маҳалла раиси.
Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки маълумотномасига кўра, йигит ва қизнинг ўлимига ис газидан заҳарланиш, бош мия ва ўпка шиши ҳамда ўткир юрак-қон томир етишмовчилиги сабаб бўлган.
Изоҳ