Сиэтл шаҳрида Ўзбекистоннинг Сиэтлдаги илк тайинланган Бош консули Ахрор Бурханов ҳамда Корея Республикасининг Сиэтлдаги Бош консули Сео Эунжи ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Музокаралар давомида Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги анъанавий дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини АҚШ ҳудудида янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Томонлар иқтисодий дипломатия, инвестициялар, инновациялар, таълим, меҳнат миграцияси ҳамда юқори технологиялар соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболлари юзасидан фикр алмашдилар.
Учрашувда Сиэтл шаҳри АҚШнинг энг йирик технологик марказларидан бири экани, бу ерда “Microsoft”, “Amazon” каби жаҳон миқёсидаги компаниялар фаолият юритиши алоҳида таъкидланди. Шунингдек, сунъий интеллект, булутли технологиялар ва инновациялар соҳаларида янги имкониятлар шаклланаётгани, малакали IT мутахассисларига бўлган талаб тобора ортиб бораётганига урғу берилди.
Ўзбекистон томони Корея Стартап Маркази, АҚШ технологик экотизими ҳамда Ўзбекистоннинг IT Park тизими ўртасида уч томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш ташаббусини илгари сурди. Шунингдек, ўзбекистонлик IT мутахассислари ва стартапларини Корея ҳамда АҚШ компаниялари билан боғлаш бўйича таклифлар билдирилди.
Корея Республикасининг Сиэтлдаги Бош консули Сео Эунжи Ўзбекистоннинг АҚШдаги дипломатик ваколатхоналари тармоғи кенгайиб бораётганини юқори баҳолаб, Вашингтон штатида Бош консулхона очилиши ўз вақтида қабул қилинган муҳим стратегик қарор эканини таъкидлади. У икки давлат ўртасидаги ҳамкорликнинг янги йўналишларини ривожлантириш учун катта салоҳият мавжудлигини қайд этди.
Учрашув якунида томонлар IT, стартаплар, инновациялар ва юқори технологиялар соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, ишбилармон доиралар ва технологик ҳамжамиятлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда Ўзбекистон–Корея ҳамкорлигини АҚШ ҳудудида янги босқичга олиб чиқиш бўйича ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олдилар.
Маълумот учун, Ўзбекистоннинг Сиэтлдаги Бош консулхонаси 2026 йил март ойидан ўз фаолиятини бошлаган бўлиб, Вашингтондаги элчихона ва Нью-Йоркдаги Бош консулхонадан кейин мамлакатнинг АҚШдаги учинчи дипломатик ваколатхонаси ҳисобланади.
Корея Республикасининг Сиэтлдаги Бош консулхонаси эса 1977 йил ноябрь ойида ташкил этилган бўлиб, Вашингтон штати ва АҚШнинг шимоли-ғарбий ҳудудларида Корея манфаатларини илгари суриш, консуллик хизматларини кўрсатиш ҳамда савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни ривожлантириш билан шуғулланади.
Изоҳ