Қўмита маълум қилишича, кейинги вақтларда электр, газ, сув таъминоти ва бошқа ҳаётий муҳим хизматларнинг қисқа рақамлари доимий банд бўлиши, оператор билан боғланиш учун узоқ кутиш, қўнғироқларга жавоб берилмаслиги ҳамда навбат яқинлашганда техник узилишлар кузатилиши аҳоли учун долзарб муаммога айланган.
Ўрганишларга кўра, мазкур рақамларга қўнғироқ қилувчилар айрим ҳолларда 10–30 дақиқагача навбат кутишга мажбур бўлган.
Шунингдек, коммунал соҳага оид мурожаатларнинг 80–90 фоиздан ортиғи Рақобат қўмитасининг 1159 ишонч рақами орқали қабул қилинган. Мурожаатлар сони газ таъминоти бўйича 4,5 баробар, маиший чиқиндилар хизмати бўйича 2,4 баробар, ичимлик суви ва қурилиш хизматлари бўйича эса 1,2 баробарга ошган.
Таҳлиллар давомида хизмат кўрсатувчи ташкилотлар алоқа марказлари фаолиятини тартибга солувчи ягона норматив-ҳуқуқий ҳужжат мавжуд эмаслиги ҳам аниқланган. Бу эса фуқароларнинг ишонч телефонларидан тўлиқ ва самарали фойдаланишига тўсқинлик қилиб, уларнинг вақти беҳуда сарфланишига сабаб бўлаётгани қайд этилган.
Шундан келиб чиқиб, Рақобат қўмитаси истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва хизмат сифати ҳамда қисқа рақамларга бўлган ишончни ошириш мақсадида техник ва ташкилий муаммоларни бартараф этишга қаратилган таклифларни Рақамли технологиялар вазирлигига юборди.
Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 27 ноябрдаги 790-сон қарорида белгиланган алоқа марказлари фаолиятини баҳолаш тартибини аҳоли билан ишловчи барча ташкилотларга татбиқ этиш, аниқ жавобгарлик механизмларини жорий этиш ҳамда баҳолаш натижаларини очиқ эълон қилиб бориш таклиф этилган.
Изоҳ