30 июнь — Ёшлар куни муносабати билан Олимпия шаҳарчасида ташкил этилган байрам тадбири доирасида Ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш офиси томонидан бир қатор инновацион лойиҳалар Ўзбекистон Республикаси Президентига тақдим этилди. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги хабар қилди.
Тадбир давомида иқтидорли ёшлар ўзларининг инновацион ғоялари, муҳандислик ишланмалари ҳамда илмий ташаббусларини намойиш этди.
Жумладан, Иброҳимов Нўмонжон «Келажак муҳандислари» халқаро фестивали натижалари ҳамда мамлакатда муҳандислик соҳасини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
Исмоилов Билолиддин 2024–2025 йилларда FPV дронлар пойгаси бўйича Ўзбекистон чемпиони сифатида «Шунқор-8» ва «X1» антитрон тизимларини яратиш ва такомиллаштиришдаги иштироки юзасидан тақдимот қилди.
Курмаева Диёра олий таълим муассасаларида «Фудомика ва метаболомика» таълим йўналишини ҳамда махсус лабораторияни тажриба тариқасида ташкил этиш бўйича таклифини илгари сурди.
Шунингдек, Асанова Айзада «Келажак муҳандислари» халқаро фестивалининг «Янги авлод автомобиллари» йўналиши ғолиби сифатида Белгияда бўлиб ўтадиган халқаро танловга йўлланмани қўлга киритгани қайд этилди.
Тадбир якунида Асанова Айзада Президент совғаси сифатида Volkswagen электромобили билан тақдирланди.
Изоҳ