Ижтимоий тармоқларда автобус ҳайдовчиси пиёдалар ўтиш жойидан ўтаётган аёл ва болага йўл бермагани акс этган видео тарқалди. Ушбу ҳолат юзасидан «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ изоҳ берди.
Маълум қилинишича, воқеа 30 март куни соат 17:50 атрофида Сергели туманидаги Янги Сергели кўчасида содир бўлган.
59 ёшли, 15 йиллик меҳнат стажига эга ҳайдовчи С.А. тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойидан йўлни кесиб ўтаётган пиёдаларга йўл бермаган ва ҳаракатини давом эттириб, уларнинг ҳаётига хавф туғдирган. Оқибатда боланинг қўлидан мобил телефон ва бошқа буюмлар тушиб кетган.
Қайд этилишича, мазкур ҳолат «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ бошқарув раиси ўринбосари, Ҳаракат хавфсизлигини назорат қилиш бошқармаси, 12-автобус саройи раҳбарияти, масъул шахслар ҳамда Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ходимлари иштирокида танқидий муҳокама қилинган.
«Келгусида бундай ҳолатларнинг олдини олиш ва такрорланишига йўл қўймаслик мақсадида ҳайдовчи С.А. билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди», — дейилади хабарда.
Шунингдек, ушбу ҳолат Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ходимлари томонидан расмий тартибда расмийлаштирилган.
Изоҳ