Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ҳамда Солиқ қўмитасининг комплаенс ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси томонидан 640 млрд сўмдан ортиқ маблағни талон-торож қилиш ҳолати аниқланди.
Маълум бўлишича, Солиқ қўмитаси, Бухоро вилояти солиқ бошқармаси, Uzbekneftegaz АЖ, «SH. G.» МЧЖ, «S. E.» қўшма корхонаси МЧЖ, «A.» МЧЖ ҳамда Ўзбекистондаги «E. E.» қўшма корхонасининг доимий муассасаси масъул шахслари олдиндан тил бириктириб, давлат бюджети маблағларидан 643,2 млрд сўмни ноқонуний ўзлаштирган.
Тергов маълумотларига кўра, Шўртан газ-кимё мажмуасининг ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш лойиҳаси доирасида 5,3 трлн сўмлик хизматлар қўшилган қиймат солиғидан озод этилган бўлган. Шунга қарамасдан, схемада иштирок этган шахслар электрон ҳисобварақ-фактураларга ҚҚС суммаларини ноқонуний киритиб, бюджетдан ҚҚСни қайтариб олиш ҳуқуқини сунъий равишда шакллантирган.
Натижада мазкур маблағлар «A.» МЧЖ ҳисоб рақамига қайтарилишига, шунингдек «S. E.» қўшма корхонасининг давлат олдидаги қарздорлиги ҳисобдан чиқарилишига эришилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ