Нью-Йорк ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари маълум қилишича, ўзбекистонлик Муродулло Ҳасанов бошчилигидаги саккиз нафар шахсга нисбатан йирик миқёсдаги ўғирлик ва жиноий тил бириктириш бўйича айблов эълон қилинган.
Тергов маълумотларига кўра, гуруҳ 2025 йил октябридан 2026 йил апрелигача камида олтита юк ўғирлаш ҳолатини содир этган. Улар замонавий технологиялардан фойдаланиб, компьютер тизимларига ноқонуний кирган, сохта ҳужжатлар тайёрлаган ва қонуний ташувчилар номидан юк ташиш буюртмаларини қўлга киритган.
Айблов ҳужжатларида қайд этилишича, ўғирланган маҳсулотлар орасида 25 минг фунтдан ортиқ пармезан, пекорино ва манчего пишлоқлари, шунингдек қўй ва мол гўшти, мис ҳамда 3,3 млн долларлик сигареталар бўлган.
Терговчиларнинг фикрича, жиноий гуруҳ умумий қиймати қарийб 4,5 млн долларлик маҳсулотларни ўзлаштирган.
Манхэттен прокурори Элвин Брэггнинг маълум қилишича, гумонланувчилар юк ташиш жараёнига аралашиб, ҳақиқий транспорт компаниялари номидан ҳаракат қилган. Ҳайдовчилар эса Нью-Жерси, Пенсильвания ва Виржинияда юкларни қабул қилиб, уларни олиб кетган.
Тергов давомида WhatsApp ёзишмалари, юк ҳужжатлари ва фотосуратлар орқали гумонланувчиларга оид далиллар тўпланган. Хусусан, Ҳасановнинг ўғирланган маҳсулотларни ташиш ва сотиш жараёнидаги суратлари аниқланган.
Муродулло Ҳасанов ва унинг икки нафар шериги айбловларни рад этди. Суд Ҳасановни гаров масаласи кўриб чиқиладиган 11 июнь кунигача ҳибсда қолдирди.
Шунингдек, маълум қилинишича, Ҳасанов Ўзбекистонда фирибгарлик бўйича қидирувда бўлиб, унга нисбатан Интерполнинг «қизил карточкаси» чиқарилган.
Изоҳ